Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 26 июндаги ПҚ-3802-сон қарорига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электрон ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни жорий этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 октябрдаги 807-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш тизимини жорий этиш бўйича 2018 йил 15 октябрдан 2019 йил 1 февралга қадар Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида тажриба ўтказилди.
Тажриба лойиҳасини ўтказиш жараёнида 17 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимидан фойдаланишди.
Тажриба лойиҳаси натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 522-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ республика ҳудудида 2019 йил 1 июлдан бошлаб ихтиёрий равишда, 2020 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизимини мажбурий тартибда жорий этиш белгиланган.
Қарор билан “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган ва қўйидаги янги тушунчалар киритилган:
электрон ҳисобварақ-фактура (кейинги ўринларда ЭҲФ деб аталади) — товарларни (ишлар, хизматларни) реализация қилиш ва сотиб олишни тасдиқлайдиган, ЭҲФ айланиш тизими операторлари орқали тақдим этиладиган ва қабул қилинадиган, қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган шаклларда расмийлаштирилган электрон ҳужжат;
электрон ҳисобварақ-фактура айланиш тизими оператори (кейинги ўринларда оператор деб аталади) — қонун ҳужжатларида ва ушбу Низомда белгиланган талабларни бажарган ЭҲФларнинг айланиши ва уларни сақлаш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилган юридик шахс мақомига эга ахборот воситачиси;
роуминг оператори — ЭҲФларнинг марказлаштирилган ҳолда сақланиши, операторлараро узатилиши ва ҳисоби юритилишини таъминлайдиган юридик шахс;
электрон ҳисобварақ-фактура идентификатори — ЭҲФни масофадан идентификация қилиш имконини берувчи роуминг операторининг ахборот тизими томонидан автоматик равишда белгиланадиган ЭҲФнинг ўзига хос рақами;
электрон ҳисобварақ-фактура айланиш тизимининг иштирокчилари (кейинги ўринларда иштирокчилар деб аталади) — ЭҲФ айланиш тизимида товарларни (ишлар, хизматларни) сотувчи ва сотиб олувчи юридик ва жисмоний шахслар;
QR-код — тасдиқланган ЭҲФга бириктириладиган ва ҳужжат қоғоз шаклида чоп этилганда кўрсатиладиган, мобил иловалар ва дастурий маҳсулотлар орқали ўқиш (сканерлаш) вақтида ЭҲФ ҳақида барча маълумотларга ҳавола бўладиган махсус график код.
Электрон ҳисобварақ-фактураларнинг солиқ тўловчилар учун афзалликлари:
1. Анъанавий ҳисобварақ-фактураларни қоғозда тайёрлашда сарфланадиган моддий ва инсон ресурсларини тежаш;
2. Ҳисобварақ-фактураларни қулай ва осон юритиш;
3. Ҳисобварақ-фактураларда ҚҚС ҳисоблаш билан боғлиқ хатоликларни олдини олиш;
Солиқ тўловчилар томонидан 2024 йилнинг январь-июнь ойларида 23 447,3 мингта ёки 2023 йилнинг мос даврига (20 961,4 мингта) нисбатан 2 485,9 мингта (11,8%) кўп электрон
ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилган.
Солиқ қўмитаси томонидан электрон ҳисобварақ-фактуралар
тизимини такомиллаштириш бўйича амалий чоралари кўриб борилмоқда.
Жумладан, электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш
жараёнида солиқ тўловчи контрагентининг (ҚҚС тўловчиси бўлганда) ҚҚС
гувоҳномаси ҳолати, ҚҚС узилиши коэффитсиентини кўриш имкониятига эга бўлади.
Бу эса солиқ тўловчига ушбу контрагент билан келгусида ҳамкорлик қилиш
масаласини кўриб чиқиш имконини беради.
Шунингдек, электрон ҳисобварақ-фактура
маълумотларининг солиқ тўловчи ҳисоботларида автоматик равишда акс эттирилиши,
бунда ҳарид қилинган товарлар (хизматлар) реэстрида қайси ЭҲФда ҚҚС ҳисобга
олинганлиги ва қайсилари қандай асослар бўйича ҚҚС ҳисобга олинмаганлиги
кўрсатилиши жорий қилинган.
Бундан ташқари, солиқ тўловчилар томонидан электрон
ҳисобварақ-фактура шакллантириш жараёнида қўшилган қиймат солиғи тўловчилар
учун ҚҚС солиқ имтиёзи тури «ҚҚСсиз» ёки «ҚҚС 0 фоиз» эканлигидан келиб
чиқиб тегишли ставкани танлаш имкониятини яратиш бўйича ўзгартириш киритилган.