Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу мақсадда коррупцияга қарши курашиш бўйича қатор халқаро стандартларни ўз фаолиятига жорий этиш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига бир қатор вазифалар белгилаб берилган.
Ушбу соҳада белгиланган вазифаларнинг сифатли бажарилишини мониторинг ва назорат қилиш, зарур ҳолларда давлат ташкилотларига услубий кўмак бериб бориш мақсадида 2022 йил 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Мазкур қарор билан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан соҳада амалга оширилаётган ишларни ягона мезон асосида баҳолаш тизими жорий этилиб, бунда баҳолаш 29 та махсус индикатор асосида “E-Anticor.uz” электрон платформаси орқали амалга оширилиши белгиланди.
Қарор талабларидан келиб чиқиб, баҳолаш биринчи босқичда ўз тизимида коррупцияга қарши стандартларни жорий этаётган 24 та ташкилотда эксперимент тариқасида ўтказилди.
Хусусан, Солиқ қўмитаси ўз тизимидаги барча коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш ва улардаги хатар омилини минималлаштириш ҳамда коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси фаолиятини барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларда ташкил этиш орқали коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини жорий қилган. Бу, ўз навбатида, барча жараёнларни назорат қилиш мавжуд хавфларга тезкорлик билан муносабат билдириб бориш имконини беради.
Бундан ташқари, давлат ташкилоти раҳбарининг коррупцияга қарши курашиш бўйича муросасиз позицияси ва ташкилот тизимига, айниқса аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита муносабатга киришувчи йўналишлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали коррупцияга қарши курашиш тенденцияси ҳам мавжуд.
Умуман олганда, баҳолаш натижалари жорий йил “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ўтказилган коррупциянинг тарқалганлик даражасини жамоатчилик онгида идрок этилишини баҳолашга қаратилган сўров натижалари билан ҳамоҳанг эканлигини кўрсатди.
Коррупциянинг тарқалганлик даражасини пасайтириш авваламбор, ташкилотда унинг олдини олиш учун қўлланилаётган превентив механизмларга бевосита боғлиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Таъкидлаш лозимки, Рейтинг Баҳолаш натижалари у ёки бу ташкилот (соҳа)ни коррупциялашган ёки коррупциядан холи деган фикрни бермайди. Бундан ташқари, “E-Anticor.uz” электрон платформасига айрим ҳужжатлар ёки қилинган ишлар киритилмаган ёки нотўғри киритилганлиги оқибатида ташкилотларга тегишли баллар берилмаслигининг олдини олиш мақсадида рейтингнинг дастлабки натижалари ташкилотларга тақдим қилинган, уларнинг фикр ва эътирозларига асосан якуний рейтинг шакллантирилган.
Баҳолаш натижаларига кўра, 24 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 3 та ташкилот фаолият самарадорлиги “яхши” – 81 баллдан 100 баллгача, 10 та ташкилот фаолияти “қониқарли” – 56 баллдан 80 баллгача ва 11 та ташкилотнинг ушбу йўналишдаги фаолияти “қониқарсиз” – 55 баллдан паст тоифаларга ажратилди.
Хусусан, Солиқ қўмитаси коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти яхши деб топилди – 81 балл.
Баҳолаш якунлари бўйича: “яхши” деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади.
Мазкур рейтинг баҳолаш тизими йил якунига кўра барча давлат идоралари ва ташкилотлари фаолияти бўйича амалга оширилади ва жамоатчиликка эълон қилиб борилади.
Солиқ қўмитаси марказий аппарати коррупцияга қарши курашиш бўйича “ISO37001:2016“ халқаро сертификатини қўлга киритди
Солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, солиқ органларини хизмат кўрсатиш йўналишига трансформация қилиш, соҳага рақамли технологияларни кенг жалб этиш натижасида инсон омилини чеклаб, коррупция ҳолатларига барҳам бериш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Соҳада коррупцияга қарши курашиш механизми ва фаолият шаффофлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг тизимли равишда йўлга қўйилганлиги “CERT International” ихтисослашган халқаро ташкилоти аудиторлари хулосасида ҳам қайд этилди.
“CERT International” ихтисослашган халқаро ташкилоти томонидан Солиқ қўмитаси марказий аппарати фаолиятининг ISO37001:2016 халқаро стандарт талабларига мувофиқлиги бўйича аудит ўтказилди. Унда халқаро стандартлар бўйича аниқланган номувофиқликларни бартараф этиш ва коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Қўмита марказий аппарати 14 та тузилмасининг “ISO37001:2016 коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” бўйича ички идоравий ҳужжатлари таҳлил қилиниб, раҳбар ва масъул ходимлар билан суҳбатлар ўтказилди.
Шунга асосан, Солиқ қўмитаси марказий аппарати ходимлари томонидан қисқа муддат ичида коррупцияга қарши курашиш механизмлари халқаро стандартларга тўла мослаштирилди.
Аудиторлар Солиқ қўмитаси марказий аппаратида “ISO37001:2016 коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими”, хусусан, коррупцияга қарши курашиш механизми яхши йўлга қўйилганлиги, раҳбар ва масъул ходимлар ўз хизмат вазифасига жиддий ёндашишини қайд этди.
Аудит якуний натижалари бўйича ўтказилган йиғилишда Солиқ қўмитаси марказий аппратига ISO37001:2016 халқаро стандарти бўйича сертификат берилишини маълум қилди.
“CERT International” ихтисослашган халқаро ташкилоти томонидан 2021 йил 23 август куни Солиқ қўмитаси марказий аппаратига ISO37001:2016 халқаро стандарти бўйича сертификати топширилди.