Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган йиғилишида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Президентимиз нутқида таъкидлаганидек, сўнгги йилларда юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли манфаатларини таъминлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва жаҳон бозорларига дадил кириб бориш бўйича салмоқли ютуқларга эришилди.
Солиқ юки қарийб 2 баробар камайгани, солиқ маъмурчилиги соддалашгани, Ўзбекистонда минтақамиздаги энг жозибадор фискал тизим шакллангани халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.
Ислоҳотларимизга ишонч ортгани туфайли йиллик хорижий сармоялар ҳажми 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўпайди.
Умуман, мамлакатимизда қулай бизнес муҳити яратилгани натижасида тадбиркорлар сони 4 баробар ошди.
Энг муҳими – сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларимизни халқимиз тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.
Яқинда умумхалқ референдумида қабул қилинган янгиланган Конституциямизда ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги ва бардавом бўлиши қатъий кафолатланди.
Бир сўз билан айтганда, биз ўзимиз танлаган, узоқ муддатга мўлжалланган очиқлик ва барқарор тараққиёт йўлидан оғишмасдан, янада дадил олдинга борамиз.
Солиқ қўмитаси матбуот хизмати